Самарқанд вилоятининг бир нечта туманларида электр қувватидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувлар давомида юзлаб миллион сўмлик зарар аниқланган.
Хусусан, Тойлоқ туманида “К.А.” фермер хўжалиги раҳбари А.К. сув насосларини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 267 миллион сўмлик электр қувватидан ноқонуний фойдаланган.
Жомбой туманида эса “С.Г.” МЧЖ раҳбари С.Ш. савдо дўконида шунга ўхшаш тарзда 134,1 миллион сўмлик электрни рухсатсиз ишлатгани аниқланган.
Ургут туманида фуқаро Л.Т. ва бошқалар ҳам сув насосини ноқонуний тарзда улаб, 127,4 миллион сўмлик электрни ўғирлаган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.