Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистонга амалий ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.
Бухародан 12 километр узоқликда жойлашган ушбу мажмуа минтақадаги энг муҳим зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади. Бу ерда XIV асрнинг йирик уламоси, нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанддафн этилган.
Маълум қилинишича, ансамбль асрлар давомида шаклланган бўлиб, унинг таркибида мақбара, Абдулазизхон қурдирган хонақоҳ, икки масжид, шайбонийлар, аштархонийлар ва манғитлар сулолалари амирлари дафн этилган дахма ҳамда сўфийлик тарихига бағишланган музей мавжуд.
Президент ташаббуси билан мажмуа ҳудуди обод қилиниб, тарихий қиёфаси тикланди. Тоқи миёна дарвозасидан борувчи йўлак таъмирланди, атрофи боғга айлантирилди, музей ва таҳоратхона барпо этилди, шунингдек, Дониёлбий қурдирган мадраса реконструкция қилинмоқда.
Ташриф давомида Қуръон тиловат қилиниб, қардош халқлар тинчлиги ва фаровонлиги учун дуо қилинди.






