Венгрия бош вазири лавозимини эгаллаши кутилаётган Петер Мадяр мамлакатнинг Халқаро жиноий суд (ХЖС) дан чиқиш жараёнини тўхтатишини маълум қилди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу жараён аввал амалдаги бош вазир Виктор Орбан томонидан бошланган.
Мадяр “Тиса” ҳукумати ушбу жараённи тўхтатишини ва Венгриянинг ХЖС аъзоси сифатида қолишини таъминлашга қатъий бел боғлаганини билдриди.
У Исроил бош вазири Бинямин Нетаняxу масаласига изоҳ берар экан: “Агар мамлакат ХЖС аъзоси бўлса ва унинг ҳудудига қидирувда бўлган шахс кирса, у албатта ҳибсга олиниши керак”, деди.
Мадяр бу позицияни Исроил бош вазирига очиқ етказганини ва “ҳеч нарсани яширмаганини” таъкидлади.
Аввалроқ Исроилнинг Венгриядаги элчиси Мая Кадош Мадяр Нетаняҳуни телефон орқали Венгрияга таклиф қилганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Нетаняҳу ва Мадяр “илиқ суҳбат” ўтказган ва Исроил бош вазири таклифни қабул қилган.
Мадяр эса журналистларга изоҳ бериб, сайловдаги ғалабадан сўнг мулоқот қилган “барча давлат раҳбарларини” 1956 йилги инқилобнинг 70 йиллигига таклиф қилганини билдирди.
2024 йил ноябрь ойида Халқаро жиноий суд Нетаняху ва ўша пайтдаги Исроил мудофаа вазири Ёав Галлантни Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятларда айблаб, уларни ҳибсга олиш бўйича ордер чиқарган эди.
Шундан бир кун ўтиб, Виктор Орбан Нетаняхуни Венгрияга таклиф қилиб, у ҳибсга олинмаслигига кафолат берган ва ХЖС қарорини “беандиша, иккиюзлама ва мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган” деб атаган. Нетаняху 2025 йил апрель ойида Венгрияга ташриф буюрган.
2026 йил апрель ойида Орбан маъмурияти Венгриянинг ХЖС юрисдикциясидан чиқиш жараёни бошланганини маълум қилган. Июнь ойида эса мамлакат БМТ бош котибига чиқиш бўйича расмий билдиришнома юборган.
12 апрель куни Венгрияда ўтказилган парламент сайловларида Петер Мадяр бошчилигидаги “Тиса” партияси ғалаба қозониб, конституцион кўпчиликни қўлга киритди. Шу тариқа, 16 йил давомида бош вазир бўлган Виктор Орбанни ушбу лавозимни тарк этади.






