Ижтимоий тармоқларда Киберхавфсизлик маркази ички тизимларига бузиб кирилгани ва ходимлар маълумотлари сиздирилгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум қилинди.
Қайд этилишича, ўтказилган текширувлар натижасида марказнинг ахборот тизимларига ҳеч қандай рухсатсиз кириш ҳолатлари аниқланмаган. Шунингдек, муассаса фаолиятида бундай турдаги маълумотлар базасидан фойдаланилмаслиги таъкидланган.
Мутасаддилар амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар бир сайт эгаси ёки блогер интернетга маълумот жойлаштиришдан аввал унинг ишончлилигини текшириши шартлигини эслатди. Агар хабар ёлғон экани аниқланса, у дарҳол ўчирилиши лозим.
Фойдаланувчилардан асоссиз хабарларга ишонмаслик ва фақат расмий манбаларга таяниш сўралди.






