Аввалроқ Оҳангаронда патрул-пост хизмати (ППХ) ходими вояга етмаган қизларга тегажоғлик қилгани ҳақида тарқалган хабарлар расман рад этилди.
Тошкент вилояти ИИББ маълумотига кўра, ўтказилган суриштирувлар давомида мазкур иддаолар тасдиғини топмаган. Қайд этилишича, воқеа 27 апрель куни тунги соат 00:40 атрофида содир бўлган.
Аниқланишича, ППХ ходимига унинг 22 ёшли таниши — А.К. (аёл) қўнғироқ қилиб, маслаҳат учун чақирган. Ходим етиб борганида, аёл ўзининг 14 ёшли таниши билан бирга унинг автомашинасига ўтирган. Маълумотда таъкидланишича, вояга етмаган қиз ходимга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган.
Шу вақтда 18 ёшли А.Х. яна тўрт нафар таниши билан келиб, ходимни ҳақорат қилган ва жанжал чиқаргани айтилмоқда. Унинг 14 ёшли қизга қариндош эмаслиги ҳам қайд этилган.
Вояга етмаган шахс иштирок этгани сабабли ҳолат тафсилотлари тўлиқ очиқланмаган. Масъул идораларга кўра, текширув якунига кўра ёлғон ахборот тарқатган шахсларга нисбатан маъмурий, зарур ҳолларда эса жиноий жавобгарлик чоралари кўрилади.






