"SpaceX" асосчиси, тадбиркор Илон Маск АҚШ ҳукумати сунъий интеллект туфайли юзага келадиган ишсизликни юмшатиш мақсадида аҳолига пул тўлаши кераклигини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг X ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.
Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект ва робототехника товар ҳамда хизматларни пул массаси ўсишидан анча юқори суръатларда ишлаб чиқаради.
"Федерал ҳукумат томонидан бериладиган чеклар орқали юқори умумий даромадни таъминлаш — сунъий интеллект келтириб чиқараётган ишсизликка қарши курашишнинг энг самарали йўлидир. Сунъий интеллект ва робототехника товарлар ҳамда хизматларни пул массаси ўсишидан анча юқори ҳажмда ишлаб чиқаради, шунинг учун инфляция кузатилмайди", — деб ёзди Маск.
"Goldman Sachs" ҳисоботига кўра, сунъий интеллект ривожланиши натижасида дунё бўйлаб 300 миллионга яқин иш ўрни автоматлаштирилиши ёки қисқариши мумкин. Шунингдек, ушбу технология жаҳондаги иш ўринларининг қарийб 40 фоизига таъсир кўрсатиши, ривожланган давлатларда эса бу кўрсаткич 60 фоизгача етиши эҳтимол қилинмоқда.






