Самарқанд вилоятида метан заправкаларининг 11 таси нархларни сунъий оширгани учун жаримага тортилди.
Маълум қилинишича, Рақобат қўмитаси Пайариқ туманидаги АГНКСларда нархлар асоссиз оширилгани бўйича мурожаатни кўриб чиққан. Фуқаролар метан нархи қўшни туманларга нисбатан қимматлиги ва кескин ошганидан шикоят қилган.
Текширувлар давомида 12 та заправканинг 11 таси 5 январдан бошлаб газ нархини ҳар куб метр учун 300 сўмга оширгани аниқланган.
Текширув давомида ушбу шохобчалар 8 та корхонага тегишли экани маълум бўлди. Улар орасида «Темур-Бек», «Садаф Агро Сервис», «Рақобат Эко Газ Сервис», «Жахонгир Престиж», «Амирхон Газ Сервис» каби компаниялар бор.
Мазкур ҳолат бўйича 8 та корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, уларга жарима қўлланилган. Шунингдек, қонунбузарликларни бартараф этиш ва бундай ҳолатларни такрорламаслик бўйича кўрсатма берилган.






