АсосийДунё

Ким Чен Иннинг қизи Хитойда илк марта омма қаршисида пайдо бўлди

Чжу Пекиндаги ҳарбий парадда иштирок этиб, Шимолий Корея етакчисининг вориси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирди.

'Ким Чен Иннинг қизи Хитойда илк марта омма қаршисида пайдо бўлди'ning rasmi

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бу ҳафта Хитойга қизи Чжу Э билан ташриф буюрди. Бу — унинг хориждаги илк оммавий чиқиши бўлиб, кузатувчиларга кўра, бу ҳолат уни эҳтимолий ворис сифатида таништириш кампаниясининг бир қисми бўлиши мумкин.

Жанубий Корея разведкасига кўра, тахминан 13 ёшли Чжу Э дипломатик майдондаги илк қадамини май ойида Россия элчихонасида ўтказилган тадбирда бошлаб берган эди. Эндиликда у Пекинда, Иккинчи жаҳон уруши якунининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда отасининг ортида пайдо бўлди.

Таҳлилчилар фикрича, Ким Чен Ин бу орқали қизига хорижий протокол ва мулоқот маданиятини ўргатмоқда. Стимсон маркази эксперти Майкл Медденнинг айтишича, Чжу Э дипломатик тажриба орттириб, келажакда мамлакат элита қатламида муҳим роль ўйнашга тайёрланмоқда.

Бироқ, мутахассислар ҳали у Ким Чен Иннинг аниқ вориси деб эълон қилинмаганини, аммо бундай ташрифлар унинг халқаро саҳнадаги позициясини мустаҳкамлашини таъкидламоқда.

    Бошқа янгиликлар