Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, Америка Қўшма Штатлари ҳамда Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари, шунингдек, мазкур мамлакатларнинг Интерпол Миллий Марказий бюролари билан ўтказилган музокаралар, қўшма тезкор тадбирлар ва ахборот алмашинуви натижасида қидирувдаги шахсларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Иш доирасида АҚШнинг Иммиграция ва божхона полицияси (ИCЕ) ходимлари ҳамроҳлигида икки нафар шахс Ню-Ёркдан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб келинган.
Яна икки нафар фуқаро Истанбулдан чиқариб юборилиб, Тошкентга етказилгач, тергов ҳаракатларини ўтказиш учун тегишли органларга топширилган.
Вазирлик маълумотига кўра, мазкур шахслар солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа қонунбузарликларда гумон қилиниб, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан халқаро қидирувга берилган эди. Шахсларнинг аниқ маълумотлари ошкор этилмаган.
ИИВ чет элда яшириниб юрган қидирувдагиларни аниқлаш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик давом эттирилишини билдирди.