Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифи давомида IT-паркнинг шарт-шароитлари билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу объект 150 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобига қурилган бўлиб бир вақтнинг ўзида 200 нафаргача фойдаланувчини қамраб олади. Паркда йилига 3 мингдан ортиқ ёшларни ўқитиш, уларни амалий лойиҳаларга жалб этиш ва АТ хизматлари кўрсатиш имконияти яратилган.

Марказда фрилансерлар ва дастурчилар учун замонавий коворкинг муҳити, резидент компаниялар учун тўлиқ жиҳозланган офислар ташкил этилган. Бу ерда таълим, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари ўзаро боғланган ҳолда йўлга қўйилган. Яратилган инфратузилма ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтириб, барқарор даромад топишига хизмат қилади.

Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Фарғона вилоятида АТ хизматлари ҳажми 4 баробарга ўсиб, экспорт 23 миллион доллардан ошган. Ҳозирги кунда вилоятда “IT-Парк” резидентлари сони 139 тага етган. 2025 йилда 22,7 миллион долларлик ахборот технологиялари хизматлари экспорт қилинган.

Янги парк доирасида резидентлар сонини 200 нафарга етказиш, 700 та янги иш ўрни яратиш, хизматлар ҳажмини ошириш ҳамда 30 миллион долларлик экспортга эришиш мақсад қилинган.

Келгусида мазкур мажмуада сунъий интеллект технологиялари хабини ташкил этиш, бошқарув тизимларини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, сунъий интеллект, дастурлаш, график дизайн, компьютер саводхонлиги ва инглиз тили бўйича замонавий ўқув курслари йўлга қўйилади. Стартаплар учун венчур молиялаштириш, грантлар ва акселерация дастурлари жорий этилади.

Президент парк резидентлари ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ёшлар билан мулоқот қилди. Улар томонидан илгари сурилган ташаббус ва ғоялар қўллаб-қувватланди.






