Мазкур корхона йилига 8 миллион квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, лойиҳа доирасида 1 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш ва 35 миллион долларлик экспорт амалга ошириш режалаштирилган. Бу ерда хомашёнинг 97 фоизи маҳаллий манбалардан олинади.
Ишлаб чиқариш жараёни замонавий технологиялар асосида тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, энергия тежамкор ускуналар жорий этилган. Шунингдек, экологик талабларга мувофиқ чангни тозалаш тизимлари ва сувни қайта ишлаш механизми йўлга қўйилган.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифат жиҳатидан халқаро бозорда рақобатлаша олиши таъкидланди. Жорий йил бошидан буён маҳсулотлар Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинган, келгусида экспорт географиясини янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари корхона фаолиятини кўздан кечирар экан, бундай лойиҳалар маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.






