Тошкент шаҳрида 15 та транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳодиса Мирзо Улуғбек туманида қайд этилган.
Маълум қилинишича, 5 май куни соат 16:25 ларда М. Улуғбек кўчасида “Equinox” русумли автомобилда 75 ёшли ҳайдовчининг соғлиги ҳаракат вақтида ёмонлашган ва у бошқарувни йўқотган.
Натижада у светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган бир нечта автомобилларга урилиб, кетма-кет тўқнашув содир этган. Оқибатда жами 15 та транспорт воситаси турли даражада техник шикастланган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. “Equinox” ҳайдовчиси тан жароҳати олган ҳолда шифохонага етказилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






