2018 йилда Урганчдан Хивагача темир йўл қурилиб, йўловчи поездлар қатновининг йўлга қўйилиши халқимиз ва қадимий шаҳарга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун қулайлик туғдирди. Бундан ташқари Шовот - Гурлан - Қипчоқ темир йўлининг қуриб ишга туширилиши натижасида Россия ҳамда Қозоғистондан юкларни ташиш масофаси 240 километрга, ташиш вақти эса 6 соатга қисқарди. Бухоро –Урганч- Хива темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси муваффақиятли якунланди. Ҳазорасп темир йўл вокзали фойдаланишга топширилди. Яқинда Тошкент-Урганч-Хива йўналишига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 10 та янги замонавий вагон қўйилди. Урганч халқаро аэропортидан Урганч темир йўл вокзалигач 11 км узунликда янги электрлаштирилган темир йўл тармоғи қурилиши бошланди.
Бугун 2026 йилнинг 5 май санасида Жалолиддин Мангуберди тезюрар поезди Тошкент- Хива йўналишида илк қатновни амалга оширди. Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясида ишлаб чиқарилган ушбу замонавий поездда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Оддий поездлар Тошкентдан Хивага 14 соатда етиб бораётган бўлса, янги тезюрар поезд бунинг учун 7 соат 30 дақиқа вақт сарфлайди ва манзилга етиб бориш вақти қарийб 2 баробарга қисқаради. Жалолиддин Мангуберди поезди Хива темир йўл вокзалида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантана билан кутиб олинди.






