Поезд 5 май куни эрталаб «Тошкент-Марказий» (Шимолий) вокзалида ўтказилган тантанали маросимдан сўнг илк рейсга чиқди. Унда «ЎТЙ» раиси биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Вон До-Ён ҳамда ишлаб чиқарувчи — Hyundai Rotem делегацияси иштирок этди.
Янги поезд соатига 250 км тезликкача ета олади ва Тошкентдан Хивагача бўлган 1022 км масофани 7,5 соатда босиб ўтади. Бу мавжуд тезюрар поездларга нисбатан деярли икки баробар тез.
Етти вагондан иборат, узунлиги 175 метр бўлган поезд 389 йўловчига мўлжалланган. У Ўзбекистон иқлим шароитига тўлиқ мослаштирилган бўлиб, -40 дан +50 даражагача бўлган ҳароратда ҳаракатлана олади. Шунингдек, қум бўронларидан ҳимоя тизими ҳам мавжуд.
Поезддаги ўриндиқлар йўналишга қараб айлантирилиши мумкин. Вагонлар видеокузатув камералари ва ҳаракат тезлиги ҳамда йўл харитасини кўрсатувчи махсус экранлар билан жиҳозланган.
Поезд ҳафтасига уч марта қатнайди ва Самарқанд, Бухоро ҳамда Урганч шаҳарларида тўхтайди.
Қатнов жадвали:
— Тошкентдан жўнаш: 07:00, Хивага етиб келиш: 14:31 (сешанба, пайшанба, шанба)
— Хивадан жўнаш: 07:20, Тошкентга етиб келиш: 14:51 (чоршанба, жума, якшанба)
Эслатиб ўтамиз, март ойи ўрталарида президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддан Нарпай туманига айнан шу янги поездда борган эди.






