Расул Кушербаевдан вояга етмаган фарзанди учун алимент ундириш бўйича суд жараёни 15 август куни бўлиб ўтади. Собиқ депутат ушбу масала бўйича ҳозирча жамоатчиликка изоҳ бергани йўқ.
Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида собиқ депутат, Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевга нисбатан алимент ундириш бўйича даъво иши юритувга қабул қилинди. Суд мажлиси 2025 йил 15 август куни соат 16:00га белгиланган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълумот беришича, 2023 йил 5-октабрда туғилган М.К. исмли вояга етмаган қиз фарзандининг моддий таъминоти учун Кушербаев даромадининг ¼ қисмини алимент сифатида тўлаб бориши белгиланган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, аризачи Ш.И. ногирон аёл бўлиб, Кушербаев билан 2022 йилда танишганини, ундан фарзанд дунёга келтирганини билдирган. Уларнинг шаръий никоҳда бўлганини айтган аёл собиқ депутатни моддий ёрдам бермаётгани, ҳатто қарз ва кредитларини ўзига юкламоқчи бўлганликда айбламоқда.
Кушербаев ҳозирча бу масала бўйича оммага расмий изоҳ бергани йўқ. Бироқ илгари ижтимоий тармоқларда билдирган баъзи баёнотлари, жумладан “Гендер тенглигига тупуриб қўйдим” каби сўзлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.