Покистон ва Германия ўртасидаги дипломатик зиддият кучаймоқда. Бунинг сабаби — Германияга бориш учун рухсатнома олган, аммо Исломободда қолиб кетган 2 500 дан ортиқ Афғонистон фуқаросининг тақдирига боғлиқ.
2021 йилда Толибон ҳокимиятга келганидан сўнг, Германия мазкур афғонларни қабул қилишга ваъда берган эди. Бироқ ҳужжатларни текшириш жараёни чўзилиб кетгани сабаб, кўплаб афғонлар Покистонда визаси тугаган ҳолда қолиб кетган, дея ёзмоқда "zamon.uz".
WELT нашри маълумотларига кўра, Германиянинг миграция ишлари бўйича федерал идораси ва полицияси ҳужжатларни текширишни секин амалга оширмоқда — ўртача кутиш муддати 8 ойга чўзилмоқда.
Покистон эса бу вазиятга кўз юмолмай, Германияга афғонларни олиб чиқиш учун икки марта муддат белгилаган. Сўнгги муддат — 30-июн куни якунланган. Шу билан бирга, расмийлар афғонлар яшаётган уйларга рейд уюштирмоқда.
Тахминан 150 нафар шахс депортация марказларига юборилган. Уларнинг айримлари Германия аралашуви билан озод қилинган, бироқ вазият ҳали ҳам кескинлигича қолмоқда.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги афғонларни депортация қилишни тўхтатиш мақсадида музокаралар олиб бормоқда.