КХДР раҳбари Ким Чен Ин 12 июль куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди. Учрашув Вонсан шаҳрида бўлиб ўтди.
"Биз Украина инқирози атрофидаги вазият бўйича фикр алмашдик", деди Лавров учрашув якунлари бўйича матбуот анжуманида. "Кореялик дўстларимиз махсус ҳарбий операциянинг барча мақсадларини, шунингдек, Россия раҳбарияти ва қуролли кучларининг ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқладилар".
Кейинроқ, Сергей Лавров ва Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Чой Сон Хи иккитомонлама муносабатлар ва бўлажак сиёсий мулоқотлар жадвалини муҳокама қилди.
"Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини, жумладан, бўлажак сиёсий алоқалар жадвалини атрофлича муҳокама қилди. Амалий йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди", дейилади хабарда.
Хабарга кўра, Россия Корея яримороли муаммоларини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори экани тасдиқланди.
"Корея яримороли ва Шимолий-Шарқий Осиёдаги вазият юзасидан манфаатдор фикр алмашилди. Бу ерда мавжуд муаммоларни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилиш бўйича ўзаро мажбурият тасдиқланди. Томонлар митнақага алоқадор бўлмаган гегемон давлатларга қарши биргаликда курашишга қатъийлигини таъкидлади", дейилади хабарда.
Музокаралар якунида Россия ва КХДР ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган вазирликлараро алмашинув режаси имзоланди.