Индонезиянинг Бали ороли соҳилларида кеча, 2 июль куни маҳаллий вақт билан кечқурун йирик денгиз ҳалокати содир бўлди.
Шарқий Явадан Балига ҳаракатланаётган йўловчи паром чўкиб кетди.
Ҳодиса оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлгани тасдиқланди, яна ўнлаб фуқаролар бедарак йўқолгани айтилмоқда.
Маҳаллий қутқарув хизматлари маълумотларига кўра, ҳалокатга учраган паром бортида жами 65 нафар инсон бўлган — улардан 53 нафари йўловчи ва 12 нафари экипаж аъзолари.
Полициянинг расмий баёнотига кўра, ҳозиргача 23 киши қутқарилган, тўрт киши эса ҳалок бўлган. Қутқарув ишлари ҳозирда ҳам давом этмоқда.
Бедарак йўқолганларни қидириш учун маҳаллий полиция, қутқарувчилар ва денгиз ҳимоя хизмати жалб қилинган.
Воқеа паром Ява оролидан йўлга чиққанидан тахминан 25 дақиқа ўтиб, яъни ҳали манзилга етмасдан рўй берган.
Паромда шунингдек, юк машиналари ва бошқа транспорт воситалари ҳам бўлгани қайд этилмоқда.
Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, ҳалокатдан бир неча дақиқа олдин кема экипажи двигателда техник носозлик юзага келганини маълум қилган.
Аммо бу аниқ ҳалокат сабаби сифатида ҳозирча тасдиқланмаган.
Айни пайтда расмийлар ҳалокат сабабларини ўрганмоқда. Мутахассислар эҳтимолий техник муаммо, об-ҳаво шароити ёки инсон омилини ҳам истисно қилмаяпти.
Маълумот ўрнида, ушбу йўналиш — Ява ва Бали ороллари орасидаги паром қатнови — маҳаллий аҳоли ва савдо-сотиқ билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан кенг фойдаланиладиган саёҳат йўли ҳисобланади.