Европа Иттифоқи саммити Украинадаги можаро туфайли Россияга қарши санкцияларнинг 18-пакетини тасдиқлай олмади. Бу ҳақда Европа Кенгаши раҳбари Антониу Кошта саммитдан кейинги матбуот анжуманида маълум қилди.
Қайд этилишича, Словакия навбатдаги санкциялар пакетини тасдиқлашни тўсиб қўйган. Шу сабаб ЕИ аъзолари бу масалани яна муҳокама қилишларига тўғри келади.
“Санкцияларнинг 18-пакети устида ишлаш ҳали давом этади”, дейди Кошта.
Шунингдек, Словакиядан ташқари Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ҳам чекловларнинг ҳозир жорий этилишига қарши чиққан.
“Санкциялар Европанинг ўзида коммунал тўловларнинг ошишига олиб келади” дейди Сийярто.
Маълум қилинишича, 18-санкция пакетидан Россия нефти нархини 60 доллардан 45 долларга тушириш, “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим-2” газ қувурлари ҳамда тақиқларни четлаб ўтувчи банклар билан операцияларни бекор қилиш каби тақиқлар ўрин олган.