Сирдарё вилоятида Lacetti ҳайдовчиси 361 килограмм эшак гўштини олиб кетаётганда тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Миллий телеканалнинг “Миллар” кўрсатувида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, 25 май куни Қарши-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Машинанинг юкхонасидан гўшт маҳсулотлари топилган.
Ҳайдовчи сўроқ пайтида гўшт ўзига тегишли эмаслигини, уни фақат кўрсатилган манзилга етказиб бераётганини айтди.
Сирдарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси карантин чора-тадбирлари гуруҳи ходимига кўра, автомашинада номаълум жониворга тегишли бўлган 361 килограмм гўшт бўлган. Маҳсулотлар Сирдарё вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бош бошқармаси лабораториясига ўтказилганда эшак гўшти эканлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ҳузуридаги ЙҲХБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.