Андижон вилоятида яшовчи 24 ёшли фуқаро Россия–Украина урушида ёлланма жангчи сифатида иштирок этгани учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда суд материалларига таяниб хабар берилмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур фуқаро 2023 йил январь ойида иш излаб Россияга кетган. Орадан бир йил ўтиб у молиявий қийинчиликлар сабаб ҳарбий хизмат бўйича шартнома имзолаган. Унга бир марталик 745 минг рубль ва ҳар ойлик 204 минг рубль миқдорида тўлов ваъда қилинган.
Ҳарбий тайёргарликдан сўнг у Луганск вилоятига юборилган ва у ерда Россия томонида жанговар ҳаракатларда қатнашган. Жанглардан бирида портлаш ҳамда дрон зарбаси натижасида унинг елкаси ва оёғи жароҳатланган. Даволанишдан кейин у Ўзбекистонга қайтган. Кейинчалик унинг оёғидан металл парчаси олиб ташлангани аниқланган.
Суд жараёнида айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, бу қадамни молиявий муаммолар туфайли қўйганини билдирган.
Суд уни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланиш) билан айбдор деб топди ва 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.






