Жаҳон нефть захиралари Эрон атрофидаги можаролар таъсирида кескин қисқариб, рекорд даражага етди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, апрель ойида нефть захиралари суткасига 6,6 млн баррелга, умумий ҳисобда эса ой давомида 200 млн баррелга камайган. Бу ҳолат талаб пасайганига қарамай кузатилган. Қайд этилишича, шу даврда нефтга бўлган талаб ҳам суткасига 5 млн баррелга тушиб кетган бўлиб, бу кузатувлар тарихидаги иккинчи энг катта пасайиш ҳисобланади. Бундан олдин бундай кескин пасайиш фақат COVID-19 пандемияси даврида кузатилган.
Goldman Sachs экспертлари маълум қилишича, жаҳон нефть захиралари сўнгги саккиз йилдаги энг паст даражага яқинлашмоқда. Шунингдек, Arg агентлиги маълумотларига кўра, Шимолий Европада авиация ёнилғиси захиралари апрель ойида сўнгги олти йиллик минимумга тушган.
Financial Times ёзишича, АҚШда бензин захиралари таътил мавсуми даврида тарихий паст даражага етиши мумкин.
Таҳлилчилар таъкидлашича, Яқин Шарқдаги уруш ва Ҳормуз бўғози атрофидаги блокада туфайли нефть бозорига аллақачон 1 млрд баррелга яқин нефть етказиб берилмай қолган. Мутахассислар фикрича, нефть бозорида вазият жуда тез ёмонлашяпти ва яқин бир неча ҳафта ичида жиддий, хавфли босқичга етиши мумкин.
S&P Global Energy вакили Жим Буркхард сўзларига кўра, бозор ҳали захираларнинг рекорд суръатларда қисқараётганига тўлиқ жавоб бермаган, шунинг учун нефть нархларининг ўсиши ҳали олдинда.






