Бухоро вилоятида йирик миқдордаги симобни сотмоқчи бўлган икки нафар шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ғиждувон туманидаги кафелардан бирида муқаддам судланган 1983 йилда туғилган шахс ярим килограмм симобни 15 минг долларга сотмоқчи бўлган. У келишилган пулдан 4 минг долларини олаётган вақтда қўлга олинган.
Шунингдек, ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида туманнинг “Зарангар” қишлоғида яшовчи 1961 йилда туғилган шахс ўз ҳовлисида асалари қутилари ичида 5 кг симоб сақлаб келаётгани аниқланган. У моддани ҳар килограммини 40 минг доллардан, жами 240 минг долларга сотишни режалаштирган.
Тадбир давомида 5 кг симоб ашёвий далил сифатида олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.






