АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан мамлакатда амалдаги президент Дональд Трамп тасвири туширилган паспортлар серияси чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Маълум қилинишича, янги дизайнда паспорт муқовасининг ички олд қисмида президент портрети ва унинг олтин рангдаги имзоси жойлаштирилади. Орқа томонида эса рассом Жон Трамбуллнинг машҳур “Мустақиллик декларацияси” асаридан парча тасвирланади.
Бундай паспортлар асосан Вашингтондаги паспорт агентлиги орқали берилиши айтилмоқда. Онлайн ёки бошқа ҳудудларда расмийлаштирилган ҳужжатлар эса одатий дизайнда қолади. Янги намунадаги паспортлар қанча миқдорда чиқарилиши ҳозирча очиқланмаган.
Айни пайтда амалдаги паспорт дизайнида рассом Эдвард Перси Моран асари қўлланилган бўлиб, унда Франсис Скотт Кей тасвири акс этган.
Бундан ташқари, юбилей муносабати билан чиқариладиган 100 долларлик купюраларда ҳам президент имзоси жой олиши маълум қилинган. Шунингдек, АҚШ Тасвирий санъатлар комиссияси 24 каратли олтин танга чиқаришни маъқуллагани билдирилмоқда.






