Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида шоқол аҳоли яшаш ҳудудига кириб келиб, икки нафар бола ва бир катта ёшли инсонга ҳужум қилди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар турли даражада жароҳат олган.
Маълум қилинишича, йиртқич аввал 4 ёшли қизчанинг оёқ ва бармоқларини қаттиқ тишлаган, шундан сўнг 15 ёшли ўсмирга ташланган. Болаларга ёрдам беришга уринган 42 ёшли эркак шоқолни тўхтатмоқчи бўлган, аммо ҳайвон уни ҳам тишлаб улгурган.
Барча жабрланганларга шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилиб, қутуришга қарши эмлаш қилинган. Айни пайтда уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда, оғир жароҳат олган қизча эса шифокорлар назоратида қолмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, шоқоллар одатда инсонларга ҳужум қилмайди. Бундай ҳолатлар, асосан, ҳайвоннинг қутуриши, болаларини ҳимоя қилиши ёки озуқа етишмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳозирда ветеринарлар ҳужум қилган шоқолни текшириб, унда қутуриш аломатлари бор-йўқлигини аниқламоқда.






