Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Давлат раҳбари ташрифини Самарқанд шаҳридаги Ёшлар креатив парки фаолияти билан танишишдан бошлади.
Сўнгги йилларда шаҳарда аҳоли сони ортиб, янги турар жойлар ва ижтимоий объектлар барпо этилгани натижасида яшил ҳудудлар ва дам олиш масканларига эҳтиёж ошган. Шу мақсадда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили миллионлаб кўчатлар экиб келинмоқда.
Собиқ ҳарбий госпиталь ўрнида барпо этилган 5,4 гектар ҳудудда Ёшлар креатив шаҳарчаси ва жамоат боғи ташкил этилган. Бу ерда замонавий кутубхона, ўқув марказлари, сунъий интеллект ва робототехника йўналишлари, спорт ва дам олиш инфратузилмалари яратилган.
Шунингдек, Президент “Profi deutsch” немис тили маркази фаолияти билан танишди. Марказда халқаро “Telc” сертификатини олиш имконияти мавжуд бўлиб, бу ёшлар учун хорижда таълим олишга йўл очади.
Ташриф давомида давлат раҳбари ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Самарқандда бундай замонавий масканларни кўпайтириш бўйича масъулларга топшириқ берилди.






