Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 7 март куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ҳамда Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда вазир ўзининг Телеграм каналида ёзиб қолдирди.
Саидов Туркия президенти томонидан қабул қилинганини билдириб, учрашув давомида Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломларини етказганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, икки давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган биродарлик муносабатлари Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигини турли йўналишларда ривожлантириш учун асос яратмоқда.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг норасмий йиғилиши доирасида Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан билан учрашув ўтказилган. Томонлар Яқин Шарқдаги вазият ва унинг минтақавий оқибатлари юзасидан фикр алмашган.
Суҳбат чоғида минтақадаги кескинликни камайтириш ва барқарорликни таъминлаш учун зиддиятларни мулоқот ҳамда дипломатик йўл билан ҳал этиш зарурлиги таъкидланган. Бундан ташқари, жорий йил январ ойида Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида ўтказилган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишида эришилган келишувларни тўлиқ амалга оширишга тайёрлик билдирган.
Бахтиёр Саидов Истанбулда Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида ҳам иштирок этганини қайд этди. Вазир ушбу учрашувни ташкил этгани учун Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фиданга миннатдорлик билдирган.
Йиғилиш давомида минтақавий ва глобал хавфсизликка ортиб бораётган таҳдидлар, шунингдек, туркий давлатлар ўртасида бирдамлик ва мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Ўзбекистон Ташкилот доирасида амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, барқарорлик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳамда изчил ривожланишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирган.






