Эрон расмийлари Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний ҳалок бўлганидан кейин ўз хавфсизлигидан янада кўпроқ хавотир ола бошлаган. Бу ҳақда “The New York Times” нашри маълум қилди.
Унга кўра, бошқа расмийлар бир-бирига қўнғироқ қилиб, навбатдаги нишон ким бўлиши мумкинлиги ҳақида савол бермоқда. Иккинчи манбанинг айтишича, Эрон ичида ҳамма Исроил барча раҳбарлар йўқ қилинмагунча ва амалдаги тузум ағдарилмагунча тўхтамаслиги мумкин, — деган хавотирда.
ОАВ маълумотига кўра, Исроил разведкаси айрим қўмондонларга қўнғироқ қилиб, уларнинг исмларини тилга олган ҳолда, агар эҳтимолий қўзғолон вақтида четда қолишса, ўзлари ва оилаларига таҳдид қилган. Нашр Эрон полициясининг юқори лавозимли амалдорларидан бири билан “Моссад” разведка ходими ўртасидаги суҳбатдан парчани ҳам келтиради.
Нашрнинг ёзишича, Теҳронда хавфсизлик кучлари ходимлари турар жой биноларига кўчирилмоқда, у ерда яшовчилар эса эҳтимолий зарбалардан сақланиш учун эвакуация қилинмоқда.
Манбаларга кўра, Исроил разведка маълумотлари асосида Эрон махсус хизматлари ва ҳарбийлари жойлашган объектларга зарба бермоқда.
Ларижоний қандай ўлдирилди?
Кеча, 17 март куни Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Али Ларижоний тунги ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилган эди. Кейинчалик бу хабарни Теҳрон ҳам тасдиқлади.
Ларижоний билан бирга унинг ўғли, ўринбосари ва қўриқчилари ҳам ҳалок бўлган. Бундан ташқари, “Басиж” халқ лашкари қўмондони, генерал-майор Ғуломризо Сулаймоний ҳам зарба қурбони бўлган.
Америка Қўшма Штатлари ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан бери Эрон раҳбариятининг кўплаб юқори мартабали вакиллари ҳалок бўлган. Улар орасида олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам бор.
Янги Олий раҳбар этиб унинг ўғли Мужтабо Хоманаий тайинланган, бироқ у сайланганидан бери жамоатчиликка кўринмаган. Теҳрон унинг жароҳат олганини тасдиқлаган.
Ўз баёнотида Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлган фуқаролар учун қасос олишдан воз кечилмаслигини билдирган.






