АҚШ Бош прокурори Пем Бонди Жеффри Эпштейн ишига оид ҳужжатларда қайд этилган 300 дан ортиқ машҳур шахс ва сиёсатчи исмини очиқлади. Бу ҳақда “Неw York Post” хабар берди.
Гап Эпштейнга нисбатан вояга етмаганлар билан жинсий савдо айбловлари бўйича тергов материаллари ҳақида бормоқда. Бондининг билдиришича, 2025 йил 19 декабрда белгиланган муддатга мувофиқ ишга доир барча ҳужжатларни ошкор қилиш жараёни якунланган.
Рўйхатда қатор таниқли сиёсий ва жамоат арбоблари бор. Улар орасида Билл Клинтон, Ҳиллари Клинтон, Барак Обама, Мишел Обама, Камала Ҳаррис, Жо Байден, Принс Гарри, Билл Гейтс, Вуди Аллен, Марк Сукерберг ва Беёнсе каби шахслар тилга олингани айтилмоқда.
Шунингдек, Бонди аввалроқ федерал хизматларни ишга доир минглаб саҳифаларни яширганликда айблаган ва унга тўлиқ архив ўрнига атиги 200 саҳифа тақдим этилганини билдирган эди.
Маълумотларга кўра, 19 декабрь куни АҚШ Адлия вазирлиги томонидан федерал терговга оид қолган барча материаллар эълон қилинган. Улар 3 миллиондан ортиқ саҳифа ҳужжат, 2 мингдан зиёд видео ва 180 мингга яқин фотосуратни ўз ичига олади.
Қайд этилишича, рўйхатда исмнинг тилга олингани шахснинг айбдорлигини англатмайди — бу фақат тергов материалларида қайд этилган шахслар рўйхати ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин интернетда Эпштейн тирик бўлиши мумкинлиги ҳақидаги назария ҳам тарқалган эди. Бунга гўёки у билан боғлиқ бўлган Fortnite аккаунти фаоллиги сабаб сифатида келтирилган. Гап литтлестжеффи тахаллуси билан очилган профиль ҳақида бормоқда.






