Оқ уйда ўтган Пасха тушлиги чоғида АҚШ президенти Дональд Трамп кутилмаган баёнот бериб, Жей Ди Вэнснинг Эрон урушига якун ясаш бўйича музокаралардаги ролига изоҳ берди.
“Агар бу амалга ошмаса, мен Жей Ди Вэнсни айблайман”, деди Трамп. Ушбу гаплар тадбир иштирокчилари орасида кулгига сабаб бўлди. Тадбирда вице-президент, давлат котиби Марко Рубио ҳамда мудофаа вазири Пит Хегсет каби юқори лавозимли амалдорлар ҳам қатнашган. Трамп, шунингдек, “агар муваффақият қозонилса, барча ютуқни ўзимга оламан”, дея қўшимча қилди.
Мазкур баёнот Вэнснинг ҳозирги вазифасини яққол намоён этди. У Покистонда Эрон билан музокаралар олиб бораётган АҚШ делегациясига раҳбарлик қилмоқда. Бу эса унинг вице-президент сифатидаги энг мураккаб вазифаларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, Вэнснинг Исломободдаги дипломатик миссияси анча мураккаб бўлиб, у олти ҳафта давом этган ҳарбий ҳаракатлардан сўнг бир-бирига ишонмайдиган томонлар ўртасида келишувга эришиши керак. Мазкур можаро Яқин Шарқдаги вазиятни кескинлаштириб, жаҳон иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатган.
Манбаларга кўра, АҚШнинг иттифоқчилари Вэнс фаолиятини диққат билан кузатмоқда. Европа расмийларидан бири унинг бу жараёнда аниқ натижа кўрсатиши зарурлигини таъкидлаб, “акс ҳолда у сиёсий жиҳатдан заифлашиши мумкин”, деган.






