У олдиндан 230 минг доллар ва 840 млн сўм олган вақтида ушланган.
Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, Сирдарё вилоятида яшовчи, 1973 йилда туғилган хусусий тадбиркор Пешку тумани ҳудудидаги олтин ва бошқа қимматбаҳо металларга эга ер майдонини мансабдор танишлари орқали аукцион савдоларида олиб беришни ваъда қилган. Эвазига у Шофиркон туманида яшовчи фуқародан 600 минг доллар талаб қилган.
ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у муқаддам фирибгарлик жинояти учун бир неча бор судлангани аниқланган. Гумонланувчи 230 минг доллар ва 840 млн сўмни олган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 25-168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28-211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.






