2026–2027 ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул қилишнинг янги тартиби тасдиқланди. Унга кўра, қабул жараёнларининг давлат хизматлари орқали қамрови сезиларли даражада кенгайтирилди.
Маълум қилинишича, давлат хизмати орқали қабул амалга ошириладиган туман ва шаҳарлар сони 64 тадан 135 тагача оширилди. Шунингдек, тизимга уланган мактаблар сони 1956 тадан 5689 тага етказилди.
Қабул жараёни онлайн тарзда — my.gov.uz ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг my.maktab.uz платформалари орқали амалга оширилади. Ота-оналар аризаларни масофадан туриб топшириш имкониятига эга бўлади.
Тартибга кўра, қабул икки босқичда ўтказилади: биринчи босқич 20 июндан 31 июлгача микроҳудуд доирасида, иккинчи босқич эса 1–31 август кунлари микроҳудуддан ташқари мактаблар учун амалга оширилади.
Қайд этилишича, 1-синфга жорий ўқув йилида 7 ёшга тўладиган, яъни 2019 йил 31 декабрга қадар туғилган болалар қабул қилинади.






