Навоий вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланган яширин цех фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро ушбу гуруҳга раҳбарлик қилган. У Навоий вилояти Кармана туманида паррандачилик хўжалиги биносини ижарага олиб, унда яширин цех ташкил этган.
Тезкор тадбир давомида 200 кг ярим тайёр олтин, олтин моддаси бўлган 200 қоп қум ва тошлар, 300 кг кимёвий воситалар, махсус лаборатория жиҳози, 8 та газ баллон, махсус тегирмон ҳамда бошқа ускуналар ашёвий далил сифатида олинган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатлари ва экологияга етказилган зарар 7 млрд сўмдан ортиқни ташкил этади.
Иккинчи ҳолатда эса Навбаҳор туманида сохта рухсатнома асосида “Сармишсой” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида ноқонуний олтин қазиб олиш ташкил этилгани аниқланган. У ерда ҳам қимматбаҳо рудалар, ярим тайёр олтин, техника ва асбоб-ускуналар мусодара қилинган.
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






