Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрига ташрифи чоғида вилоятнинг янги маъмурий марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Ушбу мажмуа Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида синовдан ўтган бошқарув органларини интеграциялаш тажрибасининг давоми ҳисобланади.
Маълум қилинишича, Бухородаги маъмурий марказ 14 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, биринчи босқичда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, прокуратура ҳамда ички ишлар идоралари бир ҳудудда жамланган. Бу эса давлат хизматлари сифатини ошириш, мурожаатлар билан ишлашни тезлаштириш ва идоралар ўртасидаги мувофиқлашувни кучайтиришга хизмат қилади.
Мажмуа ҳудудида хиёбонлар, фавворалар ва яшил ҳудудлар барпо этилмоқда. Шунингдек, давлат раҳбарига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режалар тақдим этилди. Банклар сунъий интеллект асосида таҳлил ўтказиб, Бухоро туманида агробизнес, туризм, саноат ва йўл бўйи хизматлари энг истиқболли йўналишлар экани қайд этилди.
2026–2031 йилларда ушбу соҳаларда 7,4 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 15 мингта янги иш ўрни яратиш имконияти мавжудлиги айтилди. Президент сунъий интеллектдан фойдаланиб, ҳар бир ҳудуд салоҳиятини очиш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.






