Ўзбекистонда чиқиндиларни йиғиш майдончаларидан уларни ноқонуний олиб чиқиб кетганлик учун жавобгарлик жорий этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
25 март куни қабул қилинган қонун билан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, айрим фаолият турлари билан шуғулланувчи юридик шахсларга атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбалар мониторингини юритиш бўйича қўшимча мажбуриятлар юклатилди.
Хусусан, атроф-муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот базасига маълумотларни киритмаслик, тўлиқ киритмаслик ёки нотўғри маълумот тақдим этиш учун И ва ИИ тоифадаги таъсирга эга фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима қўлланади.
Шунингдек, ўрмон фонди ерларини қонунга хилоф равишда ажратиш ёки улардан фойдаланиш, агар бундай қилмишлар учун илгари маъмурий жазо қўлланилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима, 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, янги тартибга кўра, экологик ҳуқуқбузарликлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланган ҳолатларда ҳам жавобгарлик қўлланади. Шунингдек, чиқиндиларни йиғиш майдончалари ва уларнинг қўриқланмайдиган иншоотларидан чиқиндиларни ноқонуний йиғиш ва олиб чиқиб кетиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланди.






