Эроннинг Тасним ахборот агентлиги Исроил бош вазири ўлими ҳақидаги миш-мишларни рад этиш учун эълон қилган видео сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Хабарга кўра, видеода Нетаньяху кафелардан бирида қаҳва ичиб, турли саволларга жавоб бераётгани тасвирланган. Бироқ интернет фойдаланувчилари видеода бир нечта шубҳали тафсилотларга эътибор қаратган.
Жумладан, Нетаньяху қаҳва ичаётгандек кўринган бўлса-да, идишдаги суюқлик ҳаракат қилмайди ва миқдори ҳам камаймайди. Шунингдек, видеодаги бош вазирнинг юз кўриниши унинг ҳақиқий суратларидан бироз фарқ қилаётгани таъкидланмоқда.
Айрим фойдаланувчилар кадрлардаги тафсилотлар сунъий интеллект ёрдамида яратилган бўлиши мумкинлиги ҳақида шубҳа билдирган. Баъзи сунъий интеллектни аниқлаш иловалари эса видео 96,9 фоиз эҳтимол билан сунъий тарзда яратилганини даъво қилмоқда.
Сўнгги кунларда Эрон ракета ҳужумлари фонида Нетаньяхунинг ҳалок бўлгани ёки жароҳат олгани ҳақида миш-мишлар ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВларда кенг муҳокама қилинмоқда. Шу сабабли у янги видео орқали тирик эканини кўрсатиб, бундай хабарларни рад этган.






