ESPN нашри журналисти Марк Огден Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги ўсишига юқори баҳо берди. У Х (Twitter) тармоғида ёзишича, Чемпионлар лигаси 1/8 финалида Реал Мадридга қарши баҳс жамоа учун оғир кечган бўлса-да, Ҳусанов майдонда ажралиб турган.
Журналистга кўра, ўзбекистонлик футболчи аввал жамоага келганида ишончсиз кўринган, аммо вақт ўтиши билан сезиларли даражада ўсишга эришган.
Учрашувда Ҳусанов тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди ва биринчи бўлим сўнгида сариқ карточка олди. “SofaScore” баҳосига кўра, у 7,2 балл тўплади ва бу кўрсаткич Манчестер Сити ҳимоячилари орасида энг яхшиларидан бири бўлди.
Таққослаш учун, жамоанинг бошқа ҳимоячилари анча паст баҳоланди: Нунес — 6,3, Диаш — 6,5, Аит Нури — 6,5, Аке — 6,5 ва Гeҳи — 6,6 балл.
Қайд этилишича, Ҳусановнинг Чемпионлар лигасидаги илк ўйини ҳам айнан “Реал Мадрид”га қарши бўлган. Ўшанда ҳам “шаҳарликлар” 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этган эди.
Бу сафар ҳам икки ўйин натижасига кўра “Манчестер Сити” 1:5 ҳисобида “Реал Мадрид”га ютқазиб, турнир билан хайрлашди.






