Рақобат қўмитасига фуқаро томонидан дорихонадан харид қилинган биологик фаол қўшимча (БФҚ) юзасидан мурожаат келиб тушди. Ўрганишлар натижасида ушбу маҳсулот таркиби дори воситаси билан бир хил экани аниқланди.
Текширувлар ваколатли органлар иштирокида ўтказилиб, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мазкур маҳсулотни дори воситаси сифатида рўйхатдан ўтказиш лозимлигини тасдиқлади.
Маълум қилинишича, аввал ҳам ,Malika Laborstories томонидан “ORSA” дори воситаси “ORS” номи билан БФҚ сифатида рўйхатдан ўтказилиб ишлаб чиқарилгани аниқланган ва тегишли рухсатнома қайтарилган эди.
Ўрганиш якунига кўра, тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда чора кўриш, шунингдек, аввал рўйхатдан ўтказилган БФҚларни қайта кўриб чиқиш учун Санепидқўмитага тақдим этилди.
Қонунчиликка мувофиқ, ишлаб чиқарувчи истеъмолчига маҳсулот ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот беришга мажбур. Нотўғри маълумот асосида харид амалга оширилган бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилиш ва зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.






