Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги 53-умумтаълим мактабида юз берган ҳолат юзасидан аёлга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш суд органларига юборилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида хабар қилинди.
Маълум бўлишича, воқеа 3 апрель куни содир бўлган. 1-синф ўқувчилари ўзаро низолашгани ортидан 6 апрель куни калтак еган боланинг 45 ёшли онаси мактабга келиб, синфда жанжал кўтарган ва ўғлини урган синфдошларини урган.
Ҳолат юзасидан Қўшработ тумани ИИБ томонидан уч нафар вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси асосида баённома тузилган. Шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик қилган аёлга 52-модда (енгил тан жароҳати етказиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга оширилган.
Аёл ўз изоҳида қилган ишидан афсусда эканини билдириб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлаган.






