Олий суд матбуот котиби берган маълумотга кўра, 2025 йилнинг олти ойи давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) асосан 34 нафар фуқаро жавобгарликка тортилган.
Улар орасида 32 нафари жаримага тортилган бўлса, яна 2 нафари 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланган.
2020–2024 йиллар давомида ушбу модда билан 397 киши жавобгарликка тортилган: 363 нафари жарима, 34 нафари эса маъмурий қамоқ жазосига тортилган.
Қонунчиликка кўра, ҳайвонларга атайлаб азоб бериш ёки қийноққа солиш энг кам ойлик иш ҳақининг 3–5 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади.
Агар бундай ҳаракатлар такрорланса ёки вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилса, жарима миқдори янада ошади ёки маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилдан бошлаб бу турдаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо кучайтирилган. Жиноят кодексида эса бундай ҳолатлар ҳайвонларнинг ўлими ёки майиб бўлишига олиб келса, жиноий жавобгарлик ҳам кўзда тутилган.
Аввалроқ Бухорода тор қафасда сақланаётган айиқ масаласи жамоатчилик эътиборига тушгач, у каттароқ жойга кўчирилганди. Фаоллар айтишича, ҳайвон 10 кундан ортиқ ноқулай шароитда сақланган.