Willer Express Ўзбекистондан ҳайдовчиларни жалб этишга қизиқиш билдиргани ҳақида Миграция агентлиги маълум қилди. Лойиҳа шунингдек Onodera User Run билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Уч томонлама келишувга кўра, мамлакатда ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими жорий этилади. Тошкент шаҳрида замонавий ўқув полигони қурилиб, амалий машғулотлар Япониядан олиб келинадиган ўнг рулли автобусларда ўтказилади.
Дастур қатнашчилари Японияда 5 йилгача ишлаш имкониятига эга бўлиб, бу вақт давомида хавфсизлик ва сервис йўналишида тажриба тўплайди. Кейинчалик улар Ўзбекистонга қайтиб, орттирган кўникмаларини маҳаллий соҳада қўллаши мумкин.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик мутахассислар интизомли ва меҳнаткаш кадрлар сифатида юқори баҳоланмоқда. Келгусида ушбу лойиҳани нафақат пойтахтда, балки бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш режалаштирилган.






