Қашқадарё вилоятида 27 ёшли фуқаро шифохонага етиб бормай ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий хабар берди.
Маълум қилинишича, бемор — 1998 йил 12 майда туғилган О.С. исмли фуқаро 2025 йилнинг 9–11 август кунлари Яккабоғ туман тиббиёт бирлашмасининг Реабилитация бўлимида даволанган. У бурундан қон кетиши, танадаги тошмалар ва умумий ҳолсизликдан шикоят қилган.
Шифокорлар томонидан ўтказилган таҳлиллар ва маслаҳатлар асосида унга идиопатик тромбоситопеник пурпура ташхиси қўйилган. Бемор ҳолатининг оғирлиги инобатга олиниб, у вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг гематология бўлимига йўналтирилган.
Бироқ бемор 11 август куни яқинлари томонидан вилоят шифохонасига олиб борилмасдан уйига қайтарилган. Ўша куни кечқурун ҳолати оғирлашган бемор яна Яккабоғ туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган ва зарурий тиббий ёрдам кўрсатилган.
Орадан бир кун ўтиб, 12 август тонгида бемор ўз хоҳиши ва қариндошлари ташаббуси билан яна вилоят шифохонасига олиб кетилган. Афсуски, у шифохонага етиб бормасдан вафот этган.
Расмий маълумотга кўра, марҳум бир неча йилдан буён “Д” назоратида бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Тошкентдаги хусусий клиникада бурун операцияси вақтида 9 ёшли бола вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.