АсосийДунё

Суданда кўчки сабаб 1 000 киши ҳалок бўлди

Фожиа мамлакатдаги давом этаётган фуқаролар уруши ва очарчилик билан курашаётган аҳолининг оғир аҳволини янада оғирлаштирган.

'Суданда кўчки сабаб 1 000 киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Суданнинг Дарфур минтақасида кучли ёмғирлар сабаб юз берган кўчки бутун бир Тарасин қишлоғини харитадан ўчириб ташлади. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида тахминан 1 000 киши ҳалок бўлган, атиги битта киши эса омон қолган. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.

Ушбу фожиа мамлакатдаги давом этаётган фуқаролар уруши ва очарчилик билан курашаётган аҳолининг оғир аҳволини янада оғирлаштирган.

Қутқарувчилар ҳозирча 100 га яқин жасадни топган, бироқ тоғли ҳудудга кириш қийинлиги туфайли излаш ишлари секин олиб борилмоқда. Марраҳ тоғлари 3 000 метр баландликдаги вулқонли ҳудуд бўлиб, UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Кўчки кучли ёмғирлар ёғиб, тоғ ёнбағирларининг юмшаб кетиши натижасида юзага келган.

Судан 2023 йилдан бери армияси ва Тезкор Қўллаб-қувватлаш Кучлари (РСФ) ўртасидаги қонли уруш гирдобида қолмоқда. Дарфур эса урушнинг энг кўп зарар кўрган ҳудудларидан бири бўлиб, халқаро ташкилотлар бу ерда содир этилган кўплаб жиноятларни тергов қилмоқда. Минглаб одамлар ўлдирилган, миллионлаб аҳоли эса уйини тарк этишга мажбур бўлган.

БМТ маълумотларига кўра, мамлакатдаги 25 миллиондан ортиқ инсон очлик ёқасида яшамоқда, 3,6 миллион бола эса тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Қолаверса, сўнгги икки йил ичида холера, безгак ва денге каби хавфли касалликлар ҳам тарқалиб, юзлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқда.

    Бошқа янгиликлар