Сиёсатчилар, жумладан Президент Зеленский ҳам сўкинишга мажбур бўлмоқда. Мутахассислар фикрича, бу — уруш оқибати ва руҳий босимнинг ифодаси.
Россиянинг 2022 йил февралида Украинага бостириб кириши мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир кўрсатди — сиёсатдан тортиб кундалик ҳаётга қадар. Энди эса сўзлашув маданияти ҳам ўзгариб бормоқда: Украинада сўкиниш, айниқса рус тилидаги мат, уруш фонида қаршилик, алам ва ўзини ифода этиш воситасига айланган.
DW нашрининг ёзишича, уруш йилларида "Путин — х..о", "Рус ҳарбий кемаси, бор…", каби сўзлар нафақат халқ орасида, балки сиёсий минбарларда ҳам эркин ишлатилмоқда. Президент Владимир Зеленский америкалик блогер Лекс Фридман билан интервьюсида Россия президентига қарши киритилган санкцияларни "бу — х…я" деб баҳолади ва бу сўз учун узр сўрашга мажбур бўлди.
Ўз навбатида, тинчликпарвар митинглар ва фуқаролик норозиликлари пайтида одамлар "Нега х…япти?", "Сизлар ўх…бсизларми?", "Бас қилинг!", "Тамом, п…з!" каби ёзувларни кўтариб чиққан ҳолатлар кўп бўлмоқда.
Ёзувчи Оксана Забужко бу ҳолатни уруш оқибати деб ҳисоблайди. "Мат қаҳрамонлаштирилди. Уруш давом этар экан, бу ҳолатни тўхтатиш амри маҳол", — дейди у. Нашриётчи Виталий Капранов эса бундай сўзлар ёшлар оғзида ножоиз кўринишига қарамай, "тунлари ракета ҳужумларидан қийналаётган халқнинг дардли ноласи" сифатида тушуниш кераклигини айтади.
Бироқ лингвистлар бу ҳодисага турлича баҳо бермоқда. Тилшунос Оксана Гаврйливга кўра, мат аслида украин тилига хос эмас, балки русификатсия (руслаштириш) сиёсатининг натижаси сифатида пайдо бўлган. Украин тилининг нуфузли олими, профессор Павел Гристенко эса мат ҳар қандай тилда борлигини тан олади. Лекин, дейди у, "душман билан курашаётган пайтда бу тушунарли бўлиши мумкин, бироқ ўз фуқароларинг билан алоқа қилаётганда эҳтиёт бўлиш зарур".
Хулоса қилиб айтганда, Украинада мат энди шунчаки сўкиниш эмас, балки ички азоб, қаршилик, кучли эмоцияларнинг ифодасига айланган. Уруш фонида бу ҳолат ҳали узоқ сақланиши мумкин, дейди мутахассислар.