Марказий Осиё – Хитой (C5+1) фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳининг иккинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси авиация маъмурлари ўртасида музокаралар ўтказилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ошириш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу қадам транспорт қулайлигини ривожлантириш, ишбилармонлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, икки давлатнинг сайёҳлик жозибадорлигини оширишга қаратилган.
Эришилган келишувларга кўра, икки давлатнинг тайинланган ташувчиларига Олма-Ота – Тошкент ва Нур-Султон – Тошкент йўналишларининг ҳар бири бўйича ҳафтасига 42 тагача рейсни амалга оширишга рухсат берилди. Қолган барча йўналишларда ҳафтасига 7 тагача рейс бажаришга рухсат этилди.
Томонларнинг тайинланган авиакомпаниялари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги барча келишилган йўналишлар бўйича мунтазам парвозларни амалга оширган тақдирда, парвозларнинг рухсат этилган частотаси ҳафтасига 238 та рейсни ташкил этади.
Шунингдек, томонлар мамлакатлар ўртасида мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун белгиланган манзиллар сонини кўпайтиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.