Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қатор амалий ишлар бошлаб юборилди.
Шу мақсадда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Мўғулистонга хизмат сафари уюштирди.
Хизмат сафари давомида Мўғулистоннинг “Jargalant Sheep”, “West Point”, “Marble Meat” корхоналари раҳбарлари билан музокаралар олиб борилиб, юбориладиган қўйларни етказиб бериш бўйича юртимизнинг 40 дан ортиқ фермер хўжаликлари ўртасида шартномалар имзоланди.
Шунингдек, Мўғулистоннинг 27 нафар гўшт ишлаб чиқарувчи кушхоналари ва ўзбекистонлик тадбиркорлар ўртасида кооперация ташкил этилди. Ушбу кооперация орқали келгуси йилда Ўзбекистонга гўшт импорти 3 баробарга оширилиб, 3 минг тонна арзон ва сифатли гўшт етказиш чоралари белгилаб олинди.
Сафар доирасида илк босқичда минг бош “Баяд” зотли қўйлар авиарейс орқали Навоий вилоятига етказиб берилди.
Режага кўра, октябрь ойи якунига қадар мунтазам 60 та рейсда 50 минг бош, ноябрь–декабрь ойларида яна 50 минг бош қўй Ўзбекистонга олиб келинади. Шу тариқа юртимизга жами 100 минг бош қўй кириб келиши белгиланган.
Шунингдек, Мўғулистон Бош вазири ўринбосари С.Амарсайхан билан музокаралар ўтказилиб, қўй ва эчкиларни экспорт қилишда давлат божини 18 доллардан 7 долларга тушириш бўйича келишувга эришилди.