Вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг маълум қилишича, ёнғиннинг сабаби бозор ҳудудидаги икки дўкон орасидан ўтган электр симларида юзага келган авария бўлиши мумкин. Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олган.
Расмий маълумотга кўра, ёнғин оқибатида А блокдаги 78 нафар, С блокдаги 11 нафар ва Е блокдаги 48 нафар тадбиркор зарар кўрган. Уларга тегишли жами 181 та дўкон ва 76 та бўш дўкон ёнғиндан талафот кўрган.
Туман ҳокимлиги зарар кўрган 165 та тадбиркорлик субъектини вақтинча фаолиятини давом эттиришлари учун бозор ҳудудидаги 63 та бўш дўкон билан таъминлади. Улар икки ой давомида ижара тўловидан озод этилди.
Ҳоким Зоир Мирзаевнинг айтишича, 15 августдан бошлаб тадбиркорлар бозорнинг ёнғиндан талафот кўрмаган қисмидаги бўш дўконларга жойлаштирилади, 17 августдан эса бозор фаолияти қайта бошланади. Вилоят прокуратураси эса 40 нафар терговчи иштирокида воқеа тафсилотларини аниқлаш ва ҳуқуқий баҳо бериш ишларини олиб бормоқда.