Ўзбекистонда 2025 йилнинг июль ойида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида 96 миллиард сўмлик зарар етказилган. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Унга кўра, Ўзенергоинспексия томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида ўтказилган назорат тадбирларида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг 279 та ҳолати аниқланган.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 485 та маъмурий иш расмийлаштирилган.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан чора кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.