АсосийЖиноят

Жиззахда ерни “Olx” да ярим миллиард сўмга сотмоқчи бўлган “уддабурон” ушланди

Давлат ерини ноқонуний сотишга уринган фуқаро 70 миллион жаримага тортилди.

'Жиззахда ерни “Olx” да ярим миллиард сўмга сотмоқчи бўлган “уддабурон” ушланди'ning rasmi

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи фуқаро отасидан қолган, ҳокимлик захирасидаги ерни интернетдаги платформа орқали ярим миллиард сўмга сотишга уринган фуқаро суд қилинди. Уддабурон ушбу қилмиши учун 70 миллион сўм жаримага тортилди.

Маълум бўлишича, у моддий манфаатдор бўлиш мақсадида Бахмал туманининг “Нушкент” маҳалласи Жўм-жўм қишлоғидаги 0,48 гектар томорқани келгусида ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, интернетдаги “Олх” савдо платформасида 500 миллион сўмга сотишга уринди.

Фуқаро “Бахмалда 100 сотих боғ дача бор, шуни 500 млн сўмга сотаман”, деб эълон қолдирган. Алоқага чиққан фуқарога кадастр ҳужжатларида ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтган.

Шундан сўнг фуқаро харидор билан 485 миллион сўмга келишиб, Жиззах шаҳри ҳудудидаги “Давлат хизматлари маркази”га қарашли автотураргоҳда пулни санаб олган. Шу пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах вилоят бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Фуқаронинг ушбу қилмиши 2025 йилнинг 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судида кўриб чиқилди. Судья давлат ерини ноқонуний сотишга уринган уддабурон қилмишини кўриб чиқиб, уни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан айбдор деб топди ва фуқарони 70 миллион сўм жаримага тортди.

    Бошқа янгиликлар