Ижтимоий тармоқларда йўл-патруль хизмати инспектори чўкаётган фуқарони қутқариб қолгани айтилган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолат бугун, 16 июль куни Қашқадарё вилоятида юз берган. Соат 16:20 да Қарши тумани ҳудудидан ўтувчи магистрал бош каналнинг олдида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Нодир Мирзаев каналда чўкаётган фуқарони кўриб қолган ва зудлик билан ортидан ўзини сувга ташлаган. Кўрилган чоралар натижасида фуқаро қутқариб қолиниб, унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва шифохонага олиб кетилган. Ҳозирда унинг ҳолати яхши.
Воқеага гувоҳ бўлган фуқаро Маъруф Чориев ҳам ўзини сувга ташлаб, чўкаётган фуқарони сувдан чиқаришга ёрдам берган.